«Афсуски, бу солиштирадиган рақамлар эмас». «Ҳудудгазтаъминот» раҳбари газдан заҳарланиб ўлаётганлар ҳақида

«Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятида 15 декабрь, сешанба куни бошқарув раиси Баҳодир Эшмуродов оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди. «Tez News» мухбирининг хабар беришича, раҳбар газдан келиб чиқадиган ҳалокатлар ҳақида гапириб, бунинг олдини олиш учун қилинаётган ишларга тўхталди.

Скрин: Видео

Жамият раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирги кунда газ истеъмолида шланглардан фойдаланиш кенг тус олган. Аммо улардан тўғри фойдаланмаслик инсон соғлиғига жиддий таъсир қилмоқда, ҳатто бахтсиз ҳодисаларни ҳам келтириб чиқаряпти.

«Айрим ҳолатларда кузатяпмиз, оддий тилда ‘ичакʼ дейиладиган шланглардан фойдаланиш кенг тус олди. Қарийб 10–15 йил олдин уланишлар фақат труба орқали бўлган бўлса, ҳозирги вақтда шланглардан фойдаланиш ҳолатлари жуда кўпайган. Бунда шлангларнинг хусусияти, яъни резина шланг бўлган ҳолатларда унинг вақт ўтиб қуриши ёки бўлмаса, эластиклик хусусиятини йўқотиши каби ҳолатларга эътибор бериш керак. Опа-сингилларимизнинг ошхонадаги тозалаш ишлари жараёнида газ, плита жиҳозларига тегиши уларнинг ўрни ўзгаришига, шланглардаги ёриқларнинг очилишига, газ сизиб чиқиши ҳолатларига сабаб бўляпти. Бу эса хонадонларда газ тўпланишини ва ундан кейинги бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқаряпти. Бу билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар бўйича маълумотлар кўпайган. Афсуски, бу рақамлар солиштирадиган рақамлар эмас. Йиллар давомида бу кўрсаткич пасаймоқда, аммо ҳар бир бахтсиз ҳодиса ҳамюртларимизнинг ҳаёти билан боғлиқдир», — дейди у.

Скрин: Видео

Шунингдек, раҳбар газ хавфидан ҳимояланишда хонадонларда «включатор»нинг ўрнатилиш ўрни ҳам муҳим эканини таъкидлади. Агар улар хонанинг кираверишига қўйилган бўлса, бу ҳолат хонада тўпланиб қолган газ ҳидини тўла сезмай туриб, чироқни ёқиб юборишга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳозирда истеъмолчиларга буни тушунтириш, «включатор»ларни имкони борича ичкарироққа ўрнатиш юзасидан тушунтиришлар берилмоқда. Бу эса хонада тўпланган газни хона ичига кириб борган сари яхшироқ сезишга ва чироқни дарҳол ёқиб юбормасликка ёрдам беради.

«Ҳудудгазтаъминот»нинг биринчи вазифаси аҳолига табиий ва суюлтирилган газни етказиб беришдир. Бундан минглаб метр чуқурликдан газ чиқариб олиш, уни тозалаш, қайта ишлаш, минглаб километрга катта сарф билан табиий газни олиб келиш, ундан кейин қарийб минглаб километр масофада газни истеъмолчиларга етказиб бериш ўрин олган. Биз уларнинг уйи иссиқ бўлсин деб етказиб берамиз, аммо табиий ёки суюлтирилган газ инсон ўлимига, бахтсиз ҳодисага ёки уларнинг соғлиғига путур етишига сабаб бўлиши биз учун оғир ҳолат. Шунинг учун ҳар бир жараён чуқур ўрганилиб, мазкур ҳодисалардан кейин уларнинг олдини олиш учун қанақа ишлар амалга ошириш мумкинлиги белгиланди», — деб таъкидлади жамият раҳбари.

Аввалроқ аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш даражаси қандай экани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар