Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш даражаси қандай? Масъул жавоб берди

«Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамиятида 15 декабрь, сешанба куни бошқарув раиси Баҳодир Эшмуродов оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди. Унда раҳбар газ таъминоти, аҳолини газ билан таминлаш каби қатор масалаларга тўхталди, деб хабар бермоқда «Tez News» мухбири.

Фото: «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти матбуот хизмати

Жамият раҳбарининг сўзларига кўра, 2019–2020 йилларда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажми солиштирилганда 2020 йилда бу кўрсаткич сезиларли даражада ошган, шунингдек, мурожаатлар келиб тушаётган ҳудудларда ҳам ишлар олиб борилмоқда.

«Бизнинг яна бир асосий вазифамиз аҳоли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган корхоналарга суюлтирилган газ етказиб беришдир. Бунда ҳам 2019 йилга қараганда сезиларли ўзгаришни кўриш мумкин. Масалан, суткалик ҳисобда солиштирадиган бўлсак, ўтган йилнинг 14 декабрь куни республикамиз бўйлаб 1597 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган бўлса, 2020 йилга келиб, бу кўрсаткич 2238 тоннага етди, яъни 641 тоннага кўпи билан етказиб бериляпти. Агар ой бошидан буён солиштирадиган бўлсак, бу кўрсаткич 5,5 минг тонна кўп, яъни 25 548 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган», — дейди Баҳодир Бешимович.

Скрин: Видео

Унинг таъкидлашича, суюлтирилган газ логистикаси бўйича ҳам ишлар амалга оширилмоқда. «Бу ерда энг катта вазифа — 29 декабрь кунига қадар барча суюлтирилган газ истеъмолчилари учун газ баллонларини тўлдириб, уларга етказиб бериш. Байрам кунларида, айниқса, уларда баллон алмаштиришга эҳтиёж туғилмаслиги керак.

Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтмоқчиманки, суюлтирилган газ инфоструктураси бўйича ҳам жуда катта ишлар амалга ошириляпти. Олисдаги биз газ етказиб беришга қийналадиган ҳудудларимиз, масалан, Самарқанд вилояти Қўшработ туманидан жуда кўп мурожаатлар келиб тушди. Шунингдек, Фарғона водийсининг чегарадош ҳудудларида ҳам қўшимча газ тўлдириш шохобчаларини ишга туширдик. Ва яна бир нечта шохобчаларни ишга тушириш режалаштирилган.

Скрин: Видео

Демак, суюлтирилган газ етказиб бериш жараёни анча тезлашган. Шу билан бирга, суюлтирилган газ логистикаси бўйича ҳам ишлар амалга оширилмоқда. ‘Андижон механика заводи’ билан ҳамкорликда вагон-цистерналар билан таъминлаш йўлга қўйилди. Яна бир катта лойиҳамиз — суюлтирилган газ етказиб бериш ва уни ҳисобга олиш тизими жорий этилмоқда. Тизим барча истеъмолчиларни рўйхатга олиш ва уларга ID-карталар тарқатишдан иборат. Ҳозир Жиззах ва Андижон вилоятларида бу ишлар 75–80 фоизга амалга оширилди», — деб таъкидлайди жамият раҳбари.

Шунингдек, Баҳодир Эшмуродов газ бўйича йиғимлар масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ҳолат аввалги каби — уйига бориб, қарздорлиги ҳақида огоҳлантириш эмас, балки SMS орқали уларнинг қарздорликларини эслатиш шаклида амалга оширилмоқда. Хусусан, 569 000 нафар истеъмолчига SMS-огоҳлантириш юборилиб, 1 декабрдан то 14 декабрга қадар тўловни амалга ошириш даражаси 5,5–6 баробарга ортган.

Янгиликлар