Aндижон вилояти ҳокими карантин қоидалари асосида яшашни ўрганиш кераклигини айтди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов аҳолига қилган мурожаатида карантин қоидалари асосида яшашни ўрганиш кераклигини айтди.

Фото: Aндижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, мавсум бошидан буён Андижонда 102 минг 461 нафар фуқаро карантинга олинган бўлиб, улардан 7 минг 645 нафари четдан келган, 93 минг 946 нафари карантиндан чиқарилган. Бундан 7 минг 516 нафари четдан келган. Ҳозирда 8 минг 515 нафар фуқаро карантин ва тиббий кузатувда сақланмоқда. Карантин даврида вирусга чалинишда гумон қилинган фуқаролардан 112 мингдан ортиқ намуналар олиниб, текширувдан ўтказилди.

Андижон вилоятида вирусга чалинган фуқаролар сони 1 минг 58 нафарни ташкил этиб, уларнинг 377 нафари четдан келган карантин муассасасидаги фуқаролардир. Бугунга қадар 978 нафар, яъни, 92 фоиз беморлар вирусдан буткул соғайди. Ҳозирда 78 нафар коронавирус касаллигига чалинган беморларнинг 21 нафари вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, 12 нафари Андижон шаҳар Марказий шифохонасида ва 45 нафари карантин муассасасида даволанмоқда.

Жами 78 нафар бемордан 2 нафари «Дўстлик» чегара пости орқали Қирғизистондан ўтган ва карантин муассасасида бўлиб чиққан. 76 нафари эса уй карантинида эканлиги аниқланган. Даволанаётган беморларнинг 4 нафарининг аҳволи оғир, 74 нафари қониқарли ва яхши ҳолатда. Шунингдек, 4 нафар аҳволи оғир беморларнинг сурункали касалликлари мавжудлиги маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шуҳрат Абдураҳмонов қўлида коронавирусга қарши ишлатиладиган 49 хил дори-дармон воситаларининг 3 ойлик захираси турганини айтган эди.

Янгиликлар