Aндижонда 3 ой мобайнида 40 мингдан зиёд хонадонлар тўлиқ таъмирланди (фото)

Aндижон вилоятида 90 кун давомида 882 та маҳалла фуқаролар йиғини кесимида режадаги таъмирталаб 41 514 та хонадоннинг барчаси таъмирланди. Бу ҳақда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Aндижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, таъмирлаш жараёнида хонадонларнинг том, фасад қисмлари, ички хоналари, тандирхонаси ва ўчоқхонаси таъмирланган ва яроқсизлари ўрнига янгиси қурилган. Mавжуд молхона, қўйхона ва товуқхоналар ҳам таъмирланиб, ҳожатхона ва йўлаклар тартибга келтирилган.

Фото: Aндижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси матбуот хизмати

Шу билан бирга, вилоятдаги жами 6238 та кўчада ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, тартибга келтирилган. Жумладан, 1024 та йўл таъмирланган, 213 395 та дарахтга шакл берилиб, оқланган, кўчаларга 212 133 та гул кўчати экилган. Шунингдек, 878 километр масофадаги ариқ ва зовурлар тозаланиб, 145 та чиқиндихона тартибга келтирилган.

Фото: Aндижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси матбуот хизмати

Кўчалардаги 640 километр узунликдаги электр симлари тартибга келтирилиб, 5575 та тунги ёритиш чироғи ўрнатилган. Маҳаллалар ҳудудидаги 533 гектар ер майдонлари ободонлаштирилган ва тартибга келтирилиб, 1335 тонна чиқинди чиқариб ташланган.

Шунингдек, вилоятда ҳашарлар уюштирилиб, жами 951 та қабристоннинг барчасида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган, 67 та зиёратгоҳ, 882 та болалар ва спорт майдончаси тартибга келтирилган.

Фото: Aндижон вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси матбуот хизмати

«‘Обод маҳалла’ дастури доирасида вилоятдаги 40 724 та эҳтиёжманд ва камбағал оилани ўрганиш натижасида ушбу оилалардаги 16 501 нафар ишсиз фуқаронинг 15 383 нафари иш билан таъминланди. 10 июндан бошлаб аҳоли орасида ўтказилган тарғибот ва амалий чора тадбирлар асосида ишлаб чиқилган 6 та йўналиш ва 44 та банддан иборат ‘Ҳаракатлар режаси’ Aндижон вилоятида тўлиқ бажарилди», — дейилади хабарда.

Aввалроқ Бўстон туманида 57 та хонадоннинг 184 нафар аъзосига, Aсакада «темир дафтар»га киритилган оилаларга бир марталик ёрдам пуллари етказилгани ҳамда Aндижон шаҳрида эҳтиёжманд оилаларнинг 518 нафар аъзосига 113 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари тарқатилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар