Андижонда гумонланувчини қийнаб ўлдирган ИИБ ходимлари устидан тергов ҳаракати тугади
Андижондаги қийноқ воқеаси бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари тугатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълумки, 2020 йилнинг май ойида Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари фуқаро А.Абдукаримовни ноқонуний ушлаб турган ҳамда иқрорлик кўрсатуви беришга мажбурлаш мақсадида зўрлик ишлатиб, босим ўтказган. Оқибатда А.Абдукаримов вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси иш юритувига олиниб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.
Тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 104 (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 227 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш), 234 (Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ҳамда 235 (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) моддалари билан айб эълон қилиниб, 5 нафарига қамоққа олиш ва 1 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судига мазмунан кўриб чиқишлик учун юборилган.
Аввалроқ Самарқандда ППХ ходимлари одамларни нега олиб кетганига изоҳ берилган эди. Шунингдек, Фарғонада йўл ҳаракати қоидасини бузган ИИБ ходимига чора кўрилгани, Самарқанд вилоят ИИБ ходими бўрттириб ёзилган мақоласи учун огоҳлантирилгани хабар қилинган эди.