Самарқанд вилоят ИИБ ходими бўрттириб ёзилган мақоласи учун огоҳлантирилди
Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати 3 октябрь куни капитан Воҳид Жаҳонгировнинг «Нафсига қул кимсалар, дардлари пул кимсалар ёхуд ноинсоф аёлнинг қилмиши олди олинди» сарлавҳали мақоласи юзасидан расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу ҳолатда аёл кишининг ишига қонуний жиҳатдан баҳо берилади.
«Каттақўрғон туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари, капитан Воҳид Жахонгиров томонидан ёзилган ‘Нафсига қул кимсалар, дардлари пул кимсалар ёхуд ноинсоф аёлнинг қилмиши олди олинди’ номли мақола юзасидан билдирилаётган фикр ва мулоҳазалар турлича.
Нима бўлганда ҳам, бировнинг машаққат билан давлат хирмони учун эккан ҳосилини талон-торож қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ушбу ҳолатда аёл кишининг қилмишига қонуний жиҳатдан баҳо берилади. Лекин ИИБ ходими томонидан ҳақиқатдан ҳам бўрттирилиб ёзилган ушбу мақола эгаси билан тушунтириш ишларини олиб бордик.
Aёл хоҳ жиноятчи бўлсин, хоҳ ҳуқуқбузар бўлсин, у — аёл. Уларни ардоқлаш ва қадрлаш лозим. Мақола эгаси Воҳиджон билан яна бир маротаба алоҳида гаплашиб, расман огоҳлантирдик.
Тармоқ фойдаланувчиларидан бир ходимнинг сўзлари учун бутун бир тизим номига ноўрин сўзлар айтишдан йироқ бўлишларини илтимос қиламиз»
Жаҳонгир Сагдуллаев, Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби
«Kun.uz» журналисти Шуҳрат Шокиржонов Telegram’даги каналида ушбу мақола юзасидан фикр билдирган. Унинг таъкидлашича, мақолани ўқиган одам 1937 йилларга тушиб қолгандек бўлади. «Бу ерда пахта ўғирлаган аёл ҳаддидан ошганми, ё шонли ички ишлар ходимларими ё шу мақолани ёзган журналистми — бу катта савол», — деб ёзган журналист.
Aввалроқ Самарқанд шаҳрида 9 ой ичида қарийб 700 кишига жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Пахтачида туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғига 6 миллион сўм пора бераётган эркак жиноят устида ушлангани хабар қилинган.