Асака тумани прокурори ўринбосари пора билан қўлга тушгани рад этилди

Бош прокуратура матбуот хизмати Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда прокурор ўринбосари пора билан қўлга тушгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Андижон вилояти прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари иштирокида ўтказилган тезкор тадбирда, бир фуқаро Асака тумани прокуратураси иш юритувидаги жиноят иши бўйича енгиллик қилиб беришни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан бошқа фуқародан талаб қилинган 15 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибида ушланди.

“Шуни қайд қилиш лозимки, Асака тумани прокурорининг ўринбосари тадбирда пора билан қўлга тушганлиги ҳақидаги маълумотлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди”, — дейилади муносабатда.

Янгиликлар