Қурилишлар устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш лозим
Бугунги кунда Бухоро кўчалари ўзгача кўринишга кирган. Чунки муҳим сиёсий жараён бўсағасида турибмиз.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Маҳаллий Кенгашларга депутатлик сайловларида муносиб иштирок этиш учун Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Бухоро вилоят кенгаши томонидан ҳам фаол тарғибот тадбирлари ўтказилаётгани вилоятнинг ҳар бир гўшаси, ижтимоий соҳа объектлари, сайлгоҳлар, маҳалла гузарларида кўзга ташланмоқда.
Сайловда ғалаба қозониш, парламентда кўпроқ ўринга эга бўлиш, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг устунлигига эришиш учун партия фаоллари ва хайрихоҳлари, Бошланғич партия ташкилотлари, волонтёрлик гуруҳлари томонидан кўнг кўламли тарғибот олиб борилмоқда. Сайловчилар билан учрашувларда дастурдаги таклиф ва ташаббуслар мазмун-моҳияти тушунтириб берилмоқда.
Партиянинг Сайловолди дастурида давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишга қаратилган 15 қадамни ўзида мужассам этган 100 дан зиёд таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Сайловчилар билан мулоқотлар чоғида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларини ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия ғояларига асосланган ҳолда ижтимоий демократик давлатни барпо этиш мақсадидан келиб чиқиб белгилагани алоҳида таъкидланяпти.
Хусусан, партия йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ўлимларнинг олдини олиш, тирбандликни камайтириш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш юзасидан қатор таклиф ва ташаббуслар билан чиққан. Шу мақсадда жамоат транспорти тизимини ривожлантириш, жамоат транспорти бекатларини аҳоли учун қулай қилиш, уларни ноқонуний, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларига қарши курашиш, давлат хизматчиларини ишга жамоат транспортида қатнашишини рағбатлантириш, йўлларда режалаштирилаётган таъмирлаш ишлари ва уларнинг давомийлиги ҳақида камида ўн кун олдин ушбу ҳудудда ҳамда Интернет тармоғида эълон жойлаштириш орқали фуқароларни хабардор қилиш каби таклифлар илгари сурилмоқда.
Бундан ташқари, партия қурилишлар устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқ, шаффоф, халқчил ва демократик давлат бошқаруви тизимини жорий этиш тарафдори бўлиб, ушбу йўналишда “Менинг фикрим” платформасини такомиллаштириш орқали фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.
Учрашувлар чоғида партия фаолияти ва ташаббусларига оид флаерлар, буклетлар ва янги дастур ўрин олган китобчалар тарқатилиши билан бирга сайловчиларнинг турли саволларига батафсил жавоблар берилмоқда. Сайлов жараёнларининг муҳимлиги тушунтирилиб, сайловда фаол қатнашишга ва албатта Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва номзодларига овоз беришга чақирилмоқда.