COVID-19’дан соғайган беморлар яна 90 кун вирус тарқатувчи бўладими? Мутахассис жавоб берди
АОКАда 21 сентябрь, душанба куни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифингда долзарб саволлар юзасидан жавоб қайтарилган. Хусусан, Севара Убайдуллаева COVID-19 билан касалланиб соғайган беморлар яна 90 кун вирус тарқатувчи бўлиши мумкинлиги борасидаги маълумотларга тўхталиб ўтган.
«Америка Қўшма Штатлари олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра COVID касаллигини ўтказган баъзи инсонлар организмидаги қон таркибида 90 кунгача вирус айланиб юриши тасдиқланган.
Бу даврда инсон тарқатувчи сифатида бўлиб юриши ҳақида бир неча олимлар ёзмоқда, аммо бу маълумотлар тўлиқ тасдиқланмаган. Лекин касалликни бир ой ва ундан кўп муддатда ўрта оғир, оғир ва ўта оғир ҳолда кечираётган беморлар бор. Бу инсон организмига тушган вирус юкламаси, унга нисбатан организмнинг жавоб реакцияларига ҳам боғлиқдир», — дейди мутахассис.
Коронавирусга қарши кураш штаби аъзосининг сўзларига кўра, бугунги кунда вирус тарқатувчанлиги, касаллик организмда келтириб чиқарувчи аломатлари, инсон организмининг жавоб реакцияси, касаллик асоратланиши ва реабилитация жараёни бўйича шифокорлар ва олимлар доимий равишда изланишлар олиб бормоқда.
«Бу эса яна бир бора касалланган беморларнинг алоҳидаланиши, яқинлари, фарзандлари ва ота-оналари билан бориш-келишни камайтириши, умуман, уйдан ташқарига чиқишни чеклаши кераклигини билдиради», — дейди Севара Убайдуллаева.
Мавзуга доир: COVID-19’дан тузалганларга гриппга қарши вакцина қилиш мумкинми? Мутахассис жавоб берди
Маълумот учун, Ўзбекистонда 20 сентябрь Тошкент вақти билан соат 23:30 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 51 640 нафарни ташкил этган. Мамлакатда 20 сентябрь куни 648 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган. Шу пайтга қадар Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 433 нафарга етган.