COVID-19’дан тузалганларга гриппга қарши вакцина қилиш мумкинми? Мутахассис жавоб берди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева қандай ҳолларда эмлаш мумкин ва мумкин эмаслиги ҳақида маълумот берди.
Унга кўра, COVID-19 билан касалланиб тузалган беморларга гриппга қарши вакцина қилиш мумкин. Шунингдек, у гриппга қарши вакцина бир йиллик вакцина бўлиб, у ҳар йили учраши мумкин бўлган гриппнинг штаммларига қарши ишлаб чиқилишини айтган.
«Бу вакцина билан инсон организми айнан гриппнинг шу штаммларига қарши иммунитет ҳосил қилади. У коронавирус билан касалланган ва тузалган беморларини куз-қиш мавсумида гриппнинг келадиган штаммларидан маълум даражада ҳимоя қилади ёки касалликнинг енгил кечишини таъминлаб беради», — дейди мутахассис.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, қуйидаги ҳолларда эмлаш мумкин эмас:
- орттирилган иммун танқис ҳолатлар, яъни ОИТС касаллигининг турли босқичларида;
- вакцина таркибидаги адъюванти, яъни вакцина ишлаб чиқилган асосий восита ва қўшимчаларига нисбатан аллергик ҳолат;
- болаларда миянинг органик қисмида ўзгариш келтириб чиқарувчи неврологик касалликларнинг зўрайиб бориши даври.
Қайд этилишича, барча соматик касалликлар авж олиш даврида тана ҳароратининг 38 даражадан юқори кўтарилиши, диарея, ич кетиш, қусиш, тутқаноқлар, қон босимининг кўтарилиши ёки тушиши, кучли оғриқ синдромида ва ҳоказолар ўтиб кетганидан кейин шифокор кўригидан ўтиб, соғлом деб ташхис қўйилганида, тиббиёт муассасида шифокор-иммунолог, педиатр ёки терапевт назорати остида эмланиш керак.
Аввалроқ гриппга қарши вакцина коронавирусдан ҳимоя қилиш ёки қилмаслиги ҳақидаги саволга мутахассис жавоб берган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда аҳолини сентябрдан бошлаб грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бошланиши, мамлакатдаги барча умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари 1 октябрга қадар гриппга қарши эмланиши, мактабга борадиган болаларнинг вакцина олиш ёки олмаслигини шифокор белгилаши ҳақида хабар берилган эди.