Гриппга қарши вакцина коронавирусдан ҳимоя қиладими? Мутахассис жавоб берди
Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова гриппга қарши вакцина COVID-19’га қай даражада таъсир ўтказа олиши бўйича маълумот берди.
«Бу мажбурий вакцинация эмас, лекин уни олишни тавсия этамиз. Куз-қиш фаслида респиратор инфекциялар кўп учрайди. Бу эса иммун тизими пасайишига сабаб бўлади ҳамда бемор ушбу даврда короновирус инфекциясини юқтирса, оғир кечиши мумкин», — дейди мутахассис.
Шунингдек, у COVID-19 ва грипп ўзаро ўхшаш белгиларга эга бўлиб, ёши катта инсонлар ҳамда юрак ва ўпка хасталиклари каби сурункали касалликларга чалинганлар учун қаттиқ таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Маълум бўлишича, гриппга қарши эмлаш даражасининг кўпайиши ушбу фаслларда аҳоли орасида нафас йўли касалликларини камайтириши мумкин. Бундан ташқари, COVID-19 пандемияси пайтида соғлиқни сақлаш тизимига бўлаётган зўриқишни камайтиради.
«Гриппга қарши вакцина одамларни COVID-19’дан ҳимоя қилмайди, у гриппнинг ривожланиш хавфини камайтиради, шунингдек, грипп билан боғлиқ асоратлар, жумладан, касалхонага жойлаштирилиш ва ҳатто ўлим хавфини камайтиради», — дейди Барно Абдусаматова.
Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолини сентябрдан бошлаб грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бошланиши, мамлакатдаги барча умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари 1 октябрга қадар гриппга қарши эмланиши, мактабга борадиган болаларни вакцина олиш ёки олмаслигини шифокор белгилаши ҳақида хабар берилган эди.