Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда сунъий интеллект жорий этилади

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш соҳасида сунъий интеллект, робототехника, замонавий рақамли технологиялар кенг жорий этилади.

«Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли ҳимоя қилиш соҳасини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ишончли ҳимоя қилиш соҳасида ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

• маҳалла миқёсида фавқулодда вазиятлардан эрта огоҳлантириш ва уларнинг оқибатларини камайтириш бўйича фаолиятнинг устувор вазифаларини белгилаган ҳолда кенг кўламли профилактика механизмларини яратиш ва самарали жорий этиш;

• фавқулодда вазиятлар соҳасида давлат назорати талаблари ва стандартларини замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тизимини яратиш, шунингдек, уларни амалга ошириш механизмларини ўзгартириш;

• фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш соҳасида сунъий интеллект, робототехника ва замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш, шунингдек, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга масъул бўлган бошқарма ва ташкилотларнинг ахборот тизимларини ягона технологик платформага бирлаштириш.

Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш концепцияси доирасидаги давлат сиёсатининг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

• «маҳаллабай» ва «хонадонбай» тизимларидан фойдаланган ҳолда фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш бўйича профилактика чора-тадбирларини амалга ошириш;

• фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш ишларига аҳолини, кўнгилли қутқарувчиларни ва кўнгиллиларни кенг жалб этиш;

• мониторинг ва прогноз кўрсаткичларини баҳолаш, шунингдек юзага келган фавқулодда вазиятларнинг оқибатлари, зарари ва кўламини аниқлаш услублари ва методологиясини замон талабларига мувофиқлаштириш;

• ўта хавфли иқтисодий объектларнинг (энергия, радиация, кимёвий, портловчи ва бошқа хавф манбалари) барқарор ишлашини таъминлаш.

Жамият