Ўзбекистонда 2026-йилдан сунъий йўлдош интернети ишга тушади

Ўзбекистонда 2026-йилда сунъий йўлдош интернет операторлари ишлай бошлайди, бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда хабар қилинди.

Бир нарсани тушуниш керак: тармоқ ва ҳудудларда сунъий интеллект инфратузилмасига ошиб бораётган талабни фақат давлат ҳисобидан қоплаб бўлмайди, – деди Президент.

Шунингдек, старт берилган IT-Парк лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида Саудиянинг «Дата Вольт» компанияси билан 150 миллион доллар ҳисобига 12 мегаваттли дата-марказ ишга туширилиши билдирилди.

Кейинги босқичда яна 3 миллиард доллар сармоя ҳисобига қувватлар 500 мегаваттга олиб чиқилиши хам белгиланди.

Умуман, инвесторлар учун янада жозибадор муҳит яратиб, замонавий супер-компьютер кластерлари ва дата-марказларни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди.

Бу борадаги ишлар Қорақалпоғистондан бошланиши белгиланди. Сунъий интеллект инфратузилмасига 100 миллион доллардан кўп сармоя киритган инвесторларга электр энергияси нархи 5 сент этиб белгиланади, IT-парк имтиёзлари татбиқ этилади, импорт ускуналари божхона тўловидан озод этилади.

Олис ҳудудларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш учун кейинги йилдан йўлдошли интернет операторларининг фаолияти йўлга қўйилади. Улар 5 йилга ер, мол-мулк, фойда ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилади, – дейилади хабарда.

AI News