Ўзбекистонда 100 та сунъий интеллект лойиҳаси амалга оширилади
Ўзбекистонда сунъий интеллект бўйича 100 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда, бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда маълум қилинди.
Учрашувда кейинги йил соғлиқни сақлаш, энергетика, банк-молия, божхона-солиқ, транспорт, тоғ-кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида сунъий интеллект бўйича 100 та лойиҳа режалаштирилгани айтилди.
Буларни амалга ошириш учун шунга мос қувватлар, замонавий супер-компьютерлар керак. Лекин ҳозирги мавжуд қувватлар фақат кичик лойиҳаларни ишга тушириш учун етади. Оқибатда тадбиркорлар ўз лойиҳаси учун чет элдаги инфратузилмадан фойдаланиб, бунга миллионлаб доллар сарфлаяпти, — дейилади хабарда.
Шу боис, жорий йил 16 та супер-компьютер сотиб олиш учун 50 миллион доллар ажратилди. Кейинги йил бу маблағ 2 карра оширилиши эълон қилинди.