Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 20 сентябрнинг асосий хабарлари

«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 31 миллиондан ортди.

«Worldometers»нинг Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:

  • дунё бўйича инфекция билан касалланганлар — 31 121 242 киши;
  • касалликдан тузалганлар — 22 718 218 киши;
  • инфекция оқибатида вафот этганлар — 963 363 киши.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда 20 сентябрь Тошкент вақти билан соат 23:30 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 51 640 нафарни ташкил этмоқда.

Коронавирусга чалинган бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев 20 сентябрь, якшанба куни вафот этган. Ўктам Барноевда коронавирусдан даволанганидан сўнг инсульт кузатилган ҳамда шундан кейин у даволаниш ва бош миясида жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун Германияга олиб кетилган ва ўша ерда даволаниш вақтида оламдан ўтган. Аввалроқ Бухоро вилояти ҳокими Карим Камолов вафот этгани маълум қилинганди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Мамлакатда 20 сентябрь куни 648 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Кунлик касалланиш ҳолатларининг 429 таси Тошкент шаҳрида, 121 таси Тошкент вилоятида, 45 таси Наманган вилоятида, 18 таси Андижон вилоятида, 13 таси Самарқанд вилоятида, 7 таси Хоразм вилоятида, 6 таси Қашқадарё вилоятида, 5 таси Сирдарё вилоятида ҳамда 4 таси Қорақапоғистонда қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 433 нафарга етди. 20 сентябрь куни Тошкент шаҳрида 5 нафар ҳамда Тошкент вилоятида 1 нафар, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

  • Биринчи ўлим: Яшнобод туманида яшаган 53 ёшли С.М. (эркак) вафот этди;
  • Иккинчи ўлим: Қуйи Чирчиқ туманида яшаган 57 ёшли Р.Э. (эркак) вафот этди;
  • Учинчи ўлим: Юнусобод туманида яшаган 63 ёшли М.А. (аёл) вафот этди;
  • Тўртинчи ўлим: Олмазор туманида яшаган 61 ёшли Р.Р. (эркак) вафот этди;
  • Бешинчи ўлим: Тошкент шаҳрида яшаган 56 ёшли Ў.Б. (эркак) вафот этди;
  • Олтинчи ўлим: Тошкент шаҳрида яшаган 77 ёшли Р.Ш. (аёл) вафот этди.

Кун давомида Тошкент шаҳрида 436 нафар, Тошкент вилоятида 119 нафар, Наманган вилоятида 48 нафар, Андижон вилоятида 16 нафар, Қашқадарё вилоятида 13 нафар, Самарқанд вилоятида ҳам 13 нафар, Сирдарё вилоятида 9 нафар, Хоразм вилоятида 4 нафар ҳамда Қорақалпоғистонда 3 нафар, жами 661 нафар бемор соғайган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 51 640 нафар бемордан 47 932 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3275 нафар бемордан 557 нафари оғир, 245 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 19 сентябрь куни 614 кишида коронавирус аниқлангани ва 6 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Жаҳондаги вазият

АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 6 987 484 кишида вирус аниқланган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларни Ҳиндистон (5,4 миллион киши), Бразилия (4,5 миллион киши), Россия (1,1 миллион киши), Перу (762 минг киши) эгаллаган. Дунё бўйича эса коронавирус билан 31 миллион киши касалланган.

Қозоғистонда 20 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 107 262 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 101 877 нафари тўлиқ соғайган, 1671 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида коронавирус инфекцияси белгиларига эга бўлган 272 кишида пневмония ҳолати ҳамда 5 ўлим ва 100 киши соғайгани қайд этилган.

Фото: «Coronavirus2020.kz»

Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 31 086 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 26 669 нафари тузалган, 343 нафари вафот этган.

Қирғизистонда 20 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, 45 335 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 41 484 нафари соғайиб, 1063 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 2788 киши коронавирусдан даволанмоқда.

Фото: «Kloop»

Тожикистонда 20 сентябрь Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 9346 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 8108 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 73 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўткан сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 43 тага кўпайган.

Фото: «Asia-Plus»

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.

Россияда 20 сентябрь соат Тошкент вақти билан соат 22:00 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 103 399 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 909 357 нафари соғайган, 19 418 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 6148 та янги ҳолат аниқланган ҳамда 79 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: «Intellinews»

Янгиликлар