ДТМ раҳбари 2020/2021 ўқув йили кириш имтиҳонларида тест синови вақти қисқарганига изоҳ берди
AОКA анжуманлар залида 7 август куни ўтказилган брифингда Давлат тест маркази раҳбари Мажид Каримов 2020/2021 ўқув йили кириш имтиҳонларида тест синови вақти нега икки соатга туширилганига изоҳ берди.
Таъкидланишича, ҳар йили тест синовлари учта фандан ўтказилган ва учта фанга уч соат вақт берилган.
«Бу йилги тест синовлари иккита фандан ўтказилади. Шароитдан келиб чиқиб, қўшимча фанлар олиб ташланди. Бундан ташқари, тест синовлари анча соддалаштирилган ва осонлаштирилган», — дейди Мажид Каримов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтихонлари усти очиқ стадионларда ўтказилиши маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошланиши ҳақида хабар берилган.