Ўзбекистонда ҳафта давомида илиқ об-ҳаво кузатилади

«Ўзгидромет» хизмати ҳафта давомида кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Унга кўра, 8 февраль куни республика ҳудудига Кавказ ҳудудидан салқин ва нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Баъзи жойларда бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Шимолда ва тоғли ҳудудларда қор ёғади. Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли камроқ. Ҳаво ҳарорати 2 даража совуқ–3 даража илиқ, кундузи 3–8 даража илиқ бўлади.

9 февралда мамлакат ҳудудларининг катта қисмида ёғингарчилик бўлади. Фақат Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида кечаси ва эрталаб баъзи жойларда бироз ёғингарчилик бўлиши мумкин. Кечаси кучсиз совуқ ҳаво сақланиб туради, кундузи эса ҳаво ҳарорати 7–10 даража илиққача кўтарилади.

Ҳафта ўртасидан республика бўйича об-ҳаво ўзгаради. Ҳудудларга Эрондан жуда илиқ ҳаво кириб келади. Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Ҳафтанинг охирига келиб кундузги ҳаво ҳарорати 12–15 даража, жанубда 18–20 даражагача кўтарилади. Ҳафтанинг катта қисмида кечаси ва эрталаб туман кузатилади. 7–8 февралда республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиш хавфи бор.

Янгиликлар