Шавкат Мирзиёев Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди

Президент Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берди.

Қайд этилишича, сўнгги беш йилдан буён «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб, ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб келинмоқда.

Ўтган даврда 2 минг гектардан зиёд майдонда 942 та яшил боғ ва яшил жамоат парклари, 47 та массивда «Янги Ўзбекистон боғлари» барпо этилди. Республиканинг тоғ, чўл ва адир ҳудудларида 256 минг гектар ўрмон ташкил қилинди. Оролнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда яшил қопламали ҳимоя ўрмонзорлари яратилди. Шамол ва қум-чанг бўронларининг зарарли таъсирини олдини олиш мақсадида 33 та туманда 60 километрли «яшил белбоғ» ҳосил қилинди.

Шунингдек, қисқа даврда республикада яшиллик даражаси 8% 14,2% ошгани билдирилди. Ўтган ҳафта Президент имзолаган янги фармонга мувофиқ, 2030 йилга қадар мамлакатимизда умумий яшиллик даражасини 30 фоизга, жон бошига тўғри келадиган яшил ҳудудларни 10 квадрат метрга етказиш бўйича катта марра белгиланди.

Хусусан, пойтахтнинг 108 гектар майдонда Миллий дендрология боғи ташкил қилинмоқда. Бу ердаги «Яшил» университет ҳудудида «Илм – лойиҳа – амалиёт» занжири асосида барпо этилаётган «ин-витро» лабораторияси, Доривор ўсимликлар ҳамда Уруғчилик ва селекция марказлари ҳам шу йилнинг ўзида ишга туширилади.

Жорий йилдан ҳар бир ҳудудда «яшил» техникумлар фаолияти йўлга қўйилиб, дуал таълим асосида йилига 10 минг нафар мутахассис тайёрлаш бошланади. Ботаника ва дендрология боғлари ушбу техникум ўқувчилари учун амалиёт базасига, илмий ходимлар учун эса тадқиқот майдонига айланади.

Президент тадбирда иштирок этаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўрмонлар бўйича форуми раиси Исмоил Белен, форум Котибияти директори Жульет Биао, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик корпуси вакиллари ҳамда барча иштирокчиларга самимий миннатдорчилик билдирди.

Тадбир якунида Шавкат Мирзиёев иштирокчилар билан биргаликда Миллий дендрология боғининг илк 5 гектар майдонида манзарали кўчатлар экди. Бу билан бир вақтда республикамизнинг барча ҳудудларида 21 мингга яқин юртдошимиз яна 164 гектар майдонда 88 минг туп кўчат ўтқазди.

Ўзбекистон