Шавкат Мирзиёев Қозоғистон ташқи ишлар вазирини қабул қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 март куни мамлакатга расмий ташриф билан келган Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаевни қабул қилди.

Суҳбат аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Жумладан, икки давлат ўртасидаги яқин дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар даражасида амалга оширилаётган фаол ҳамкорлик муносабатлари катта мамнуният билан қайд этилди.
Таъкидланганидек, қўшма Ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда, саноат, энергетика, транспорт, экология ва сувдан фойдаланиш соҳаларида кооперация алоқалари изчил кенгаймоқда.
Учрашув чоғида иқтисодий лойиҳаларни жадаллаштириш, нодир металлар соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, сайёҳлик оқимини янада кўпайтириш, гуманитар алмашинув дастурларини, шу жумладан, космос ва креатив иқтисодиёт соҳаларида тобора кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар кун тартибини пухта тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди. Халқаро ва минтақавий сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.





