Ўзбекистонда баланд биноларнинг фасад қисмида ёнувчан материаллардан фойдаланиш тақиқланади
Ёнувчанлик даражаси юқори бўлган қурилиш материалларидан фойдаланиш бўйича айрим чекловлар белгиланди, деб хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Хусусан, вазирлик томонидан «Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига (ШНҚ) ўзгартиришлар ҳисобга олинди.
Унга кўра, баландлигидан келиб чиқиб биноларни пардозлашда, ёнувчанлик даражаси юқори бўлган қурилиш материалларидан фойдаланиш бўйича айрим чекловлар белгиланди.
Жумладан қурилиш материаллари ёнувчанлик даражасига қараб 4 та турга бўлинади:
• 28 метргача бўлган биноларнинг фасад қисмида фақат ёнувчанлик даражаси паст (2–4) материаллардан фойдаланишга йўл қўйилади;
• 28 метрдан баланд биноларда, баландлигидан қатъий назар таълим ва тиббиёт ташкилотларида ёнувчан материаллардан фойдаланиш тақиқланади.
Шунингдек, биноларнинг эвакуация йўллари (зинапоя, йўлаклар, ҳоллар, чиқиш йўлаклари) ҳамда ертўла ва ярим ертўлаларда девор ва шифтларни безашда ёнувчан материаллардан фойдаланиш чекланади.
Мазкур талаблар ёнғин келиб чиқиши ва тез тарқалиши хавфини камайтириш ҳамда фавқулодда вазиятларда фуқароларнинг хавфсиз эвакуациясини таъминлашга қаратилгани таъкидланди.





