Ўзбекистонда суд ҳужжатлари ижросида сунъий интеллект қўлланади
Ўзбекистонда «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ва самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2027 йил 1 январдан:
• сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва ахборот тизимларини такомиллаштириш орқали давлат ижрочилари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг камида 70% автоматлаштирилади;
• суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлашдаги иш юритув жараёнлари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида электрон шаклда юритилади;
• ижро ҳаракатлари давомида ундирилган пул маблағларини тақсимлаш жараёнлари рақамлаштирилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 июлдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларига асосан давлат даромадига ўтказилиши назарда тутилган автомототранспортлар ва кўчмас мулклар давлат ижрочисининг қарори асосида тўғридан-тўғри Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилади.





