Қорақалпоғистонда «Медиа ҳафталик»нинг илк босқичи якунланди

Семинар ва амалий машғулотларда ҳудуддаги 700 дан ортиқ медиа вакиллари жам бўлди.

Ўзбекистон бўйлаб старт олган кенг миқёсли «Медиа ҳафталик»нинг дастлабки босқичи Оролбўйи ҳудудида муваффақиятли ўз ниҳоясига етди. Хусусан, сўнгги беш кун мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси мамлакат ахборот маконининг ўзига хос инновацион «Медиа-хаб»га айланди.

Семинар ва амалий машғулотларга ахборот хизмати (60 дан ортиқ), ҳудудий ва маҳаллий телеканаллар (80 дан зиёд), босма ва электрон ОАВ (50 дан ошиқ) вакиллари, блогерлар жалб этилди. Энг катта қисмни эса замонавий трендларга интилувчи 500 дан кўп мобилограф, SMM мутахассиси, вайнер ва контент яратишга қизиқувчи ёшлар ташкил этди.

Қайд этилишича, ҳафталик ҳақидаги илк анонслардан сўнг унда қатнашиш истагида жамоага келиб қўшилганлар сони янада ошган. Натижада ҳудуддаги 700 дан ортиқ медиа вакиллари битта очиқ мулоқот майдонида жам бўлган.

Иштирокчилар бешта асосий йўналишга бўлинган ҳолда ўқитилди. Ҳафталикнинг интенсив дастуридан медиа соҳасининг энг долзарб масалалари ўрин олди:

босма ва интернет нашрлари вакиллари учун ташкил этилган махсус сессияларда сунъий интеллект даврида ахборот генерацияси, рақамли этика қоидалари, фейк хабарларни аниқловчи фактчекинг воситалари бўйича кўникмалар чуқур ўргатилди. Коррупцияга қарши кураш мавзуларини ёритиш амалиёти таҳлил қилиниб, катта ҳажмдаги мураккаб статистика ва рақамларни визуаллаштириш бўйича машғулотлар ўтказилди;

телевидение ижодкорлари — мухбир, тасвирчи ва монтаж усталарини қамраб олган дарсларда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни инсон тақдири ва креатив ракурслар орқали томошабинни жалб қилувчи қизиқарли репортажлар форматида ёритиш масалаларига эътибор қаратилди. Ҳужжатли фильмлар яратиш концепцияси, ишончли манбалар билан ишлаш ва муаллифлик масъулияти таҳлил қилинди;

давлат органлари ва ташкилотларнинг ахборот хизмати раҳбарлари эса стратегик коммуникация, антикризис вазиятларда репутацияни тиклаш, баёнот ва раддия бериш қоидалари, очиқлик индекси ва KPI бўйича билимларини мустаҳкамлади. Матбуот котиблари учун ўтказилган махсус мастер-классларда нейротармоқлар ёрдамида сифатли матнлар ёзиш, креатив ғояларни шакллантириш, қисқа фурсатда видео ва медиа-дизайн маҳсулотларини яратиш амалиётда кўрсатиб берилди;

SMM мутахассислари ва блогерлар машғулотларда аудитория эътиборини сониялар ичида жалб қиладиган креатив мобил репортажлар тайёрлаш ва визуал сторителлинг (воқеани тасвирлар орқали таъсирчан ҳикоя қилиш) санъатининг энг сўнгги трендлари бўйича ўз билимларини оширди. Ижтимоий тармоқларнинг мураккаб алгоритмлари билан ишлаш, контент қамровини органик тарзда ошириб, уни «тавсиялар» бўлимига олиб чиқишнинг синалган усуллари ўрганилди.

Ҳафталик доирасида Давлат раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган 10 000 нафар SMM мутахассисини тайёрлаш лойиҳасининг боришига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги ва Контент маркази ташаббуси билан мамлакат бўйлаб 1000 нафар, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 175 нафар йигит-қиз мобилография йўналишида бепул ўқитилган бўлиб, ҳудуддаги ушбу ёш ижодкорлар ҳам медиа ҳафталикка жалб этилди.

Қорақалпоғистондаги медиа вакилларини жамлаган йирик Медиа форум сертификатлар топшириш маросими билан якунланди. Медиа ҳафталик доирасида ташкилотчи сифатида ОАВ учун Контент тайёрлаш маркази иштирок этди.

Навбатдаги босқич жорий йилнинг 6–10 апрель кунлари Хоразм вилоятида ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон