Тошкентда ўгай қизини бир неча бор калтаклаган аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Ижтимоий тармоқларда вояга етмаган қиз ўгай онаси томонидан қийноққа солинганлиги ҳақида видео тарқалди. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ матбуот хизмати изох берди.

Қайд этилишича, 1985 йилда туғилган Н.Ш. Юнусобод туманида жойлашган яшаш хонадонида ўгай фарзанди 2013 йилда туғилган Н.Г. ни бир неча маротаба уриб, жисмоний тазйиқ ўтказган.

Мазкур ҳолат юзасидан жабрланувчи муқаддам ИИОга мурожаат қилмагани билдирилди.

Ҳозирда вояга етмаган жабрланувчи Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилиб, давлат органлари томонидан ҳимояга олинган.

Ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан гумонланувчи Н.Ш. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси («Қийнаш») билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон