Ўзбекистонда дам олиш кунларида ёмғир ёғиши кутилмоқда
Бугун (3-апрель) Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ кузатилиши мумкин, деб хабар беради «Ўзгидромет».

Шу билан бирга Тошкент, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туриши билдирилди.
Жумладан, 4-апрель-шанба куни Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах вилоятларида, Фарғона водийсида, шунингдек республика жанубидаги тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёмғир ёғади, баъзи жойларда момақалдироқ билан кузатилади.
Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 20-25 даража бўлади.
Якшанба куни республика бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларда шамол тезлиги 13-18 м/с гача кучайиши кутилмоқда.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиб, тоғларда қор кўчиши хавфи бор.
Тошкентда: бугун ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 22-24 даража бўлади. Шанба куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилиши ва шамол 10-12 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси 15-17 даража, кундузи 19-21 даража бўлади.
Якшанба куни кечаси ва эрталаб ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси 13-15 даража, кундузи 22-24 даража бўлади.





