«Дарахт экиш — бу авлоддан-авлодга ўтадиган қадрият». «Яшил макон» лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишлари давом этмоқда

Ўзбекистон бўйлаб кўкаламзорлаштириш ишлари давом этиб, фуқаролар томонидан фаол кўчат дарахтлар экилмоқда.

Дарахт экиш бу авлоддан-авлодга ўтадиган қадрият. Маҳалла еттилигимиз билан бирга келиб мана шу жойда муҳтарам Президентимиз билан биргаликда шу яшил макон доирасида қатнашиш биз учун жуда катта бахт деб атасам бўлади. Мана шу эккан дарахтларимиз тарихда қолади, – дейди Комила Жуманазарова.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт берган эди.

Маълумот учун, сўнгги беш йилдан буён «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилиб, ҳар йили 200 миллион туп кўчат экиб келинмоқда.

Шунингдек, ўтган даврда 2 минг гектардан зиёд майдонда 942 та яшил боғ ва яшил жамоат парклари, 47 та массивда «Янги Ўзбекистон боғлари» барпо этилган. Республиканинг тоғ, чўл ва адир ҳудудларида 256 минг гектар ўрмон ташкил қилинди.

Шу муносабат билан президент маҳалла раислари, хотин-қизлар вакиллари ҳамда барча фаолларни жойларда миллий урф-одатлар, анъана ва қадриятларни янада кенгроқ тарғиб қилишга, клублар ва жамоалар ташкил этиб, ҳар бир кўча, хонадон, йўл бўйларига ниҳол ва гуллар, қир-адирларга дарахт ва буталар экишда бош бўлишга чақирди.

Ўзбекистон