Сирдарёда ноқонуний балиқ овлаш сабабли табиатга 700 млн сўмдан ортиқ зарар етказилди
Сирдарё вилоятида ноқонуний балиқ овлаш натижасида, табиатга катта миқдорда зарар етказилди, деб хабар бермоқда Экология қўмитаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, қўмита томонидан ушбу вилоятда навбатдаги рейд тадбири ўтказилган. Рейд давомида тунги соат 23:30 ларда Сардоба туманида жойлашган «Сардоба» сув омбори ҳудудидан ўтувчи марказий Мирзачўл каналида фуқаролар томонидан тақиқланган ов қуроли ҳисобланган электр қармоқ ёрдамида 5 турдаги жами 54 дона балиқлар ноқонуний овланганлиги аниқланган.
Натижада «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ги Қонуннинг 21-моддаси ҳамда «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 32, 34 ва 51-моддалари қўпол равишда бузилган. Ҳайвонот дунёсига 733 млн 360 минг сўм зарар етказилган, — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, прокуратура органларига юбориш учун тайёрланмоқда.





