Наманганда 200 млн сўмдан ортиқ биологик фаол қўшимчаларни ноқонуний олиб келганлар ушланди
Наманган шаҳрида қўшни давлатдан ноқонуний олиб келинган биологик фаол қўшимчалар фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, ўтказилган тезкор тадбирда 1977 й.т. маҳаллий фуқаро бошқарувидаги Damas русумли автомашина кўздан кечирилган.
Натижада, автомашина салонида хорижда ишлаб чиқарилган, лекин, тегишли ҳужжатлари бўлмаган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар борлиги маълум бўлган.
Терговга қадар текширув давомида ушбу фуқаро ва унинг турмуш ўртоғи берган кўрсатмаларга кўра, қўшни давлатдан айланма йўллар орқали мамлакатга келтирилган ушбу маҳсулотлар Андижон вилояти ҳудудида қирғизистонлик эгасига топширилиши керак бўлган.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида биологик фаол қўшимчаларни қабул қилиб олган вақтида уларнинг ҳақиқий эгаси бўлган – Қирғиз Республикаси Жалол-Обод вилояти Манас шаҳрида яшовчи, 1976 й.т. аёл ҳамда у билан бирга келган, Қўрғонтепа туманида истиқомат қилувчи, 1982 й.т. таниши ҳам ушланади.
Жами 2957 дона флаконда бўлган, капсула кўринишидаги «Самюн Ван», «Черный тмин», «Сенна Мекканская», «Мумие Алтайское», «Кыст аль-Хинди» номли биологик фаол қўшимчаларнинг умумий қиймати 226 млн 343 минг сўмни ташкил қилади, — дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





