Тошкентнинг айрим кўчалари тантанали ҳарбий юриш сабабли чекланади

Тошкентда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан 4 апрель куни Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий бўлинмаларининг тантанали пиёда юриш маросими бўлиб ўтади.

Хусусан, тантанали пиёда юришлар Ўзбекистон Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетидан (мўлжал: «Пушкин» метро бекати) соат 08:00 да бошланади ва 12:30 га қадар давом этади.

Ҳарбий бўлинмалар дастлаб бошланиш нуқтасидан «Паркент» ва «Мустақиллик» кўчалари бўйлаб Амир Темур жанговар байроғини кўтарган ҳолда, бугунги кундаги жанговар ва кундалик ҳарбий либослар билан бирга Амир Темур даврига оид қурол-аслаҳа ва кийим-бошда ҳаракатланади.

Шунингдек, Амир Темур хиёбонидаги тўхташ нуқтасида театр саҳналари, фахрий қоровул жамоаси ва қўл жанги усталарининг кўргазмали чиқишлари, бўлинмаларнинг жанговар чақириғи, ҳарбий оркестрнинг дефиле намойишлари ижро этилади.

Шундан сўнг бўлинмалар «Мустақиллик» ва «Темирйўл» кўчалари бўйлаб манзилга қайтиб борадилар.

4 апрель куни юқорида келтирилган кўчаларда соат 08:00 дан 12:30 гача бўлган вақт оралиғида автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик чекланади, — дейилади хабарда.

 

 

Тошкент