Ўзбекистонда 2030 йилга келиб қайта тикланувчи энергия улуши 54%га етказилади
Тошкент шахрида 2 апрель куни «Ўзбекистон учун Тоза Водород» лойиҳасининг ишга туширилиш тадбири бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг Экологик дипломатия ва яшил иқтисодиёт лойиҳалари бўлими етакчи ходимлари, GGGI (Global Green Growth Institute) Ўзбекистондаги Ваколатхонаси раҳбари ва бошқа мутахассислар иштирок этдилар.
Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатда яшил энергетикага ўтиш жараёнини фаол ривожлантирмоқда, жумладан, 2019–2030 йилларга мўлжалланган Яшил иқтисодиёт стратегияси ҳамда қайта тикланувчи энергияни кенгайтириш ва энергия манбаларини диверсификация қилиш бўйича миллий саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2025 йил октябрь ойида қабул қилинган NDC 3.0 ва бошқа ҳукумат миқёсидаги стратегик ҳужжатларга мувофиқ, Ўзбекистон 2030 йилга бориб электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия улушини 54%га етказиш ва узоқ муддатли декарбонизация мақсадларини қўллаб-қувватлашни белгилаган.
Мазкур стратегик йўналиш доирасида тоза водород саноатини декарбонизация қилиш, энергия тизимининг иқлим ўзгаришига мослашувчанлигини ошириш ва янги тоза технологияларни ривожлантиришга хизмат қилувчи стратегик энергия манбаси сифатида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон аллақачон яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ва ташаббусларни бошлаган. Шу муносабат билан, Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) Корея Республикаси Молия ва иқтисодиёт вазирлигининг (MOFE) Корея Яшил Битим Траст Фонди (KGNDTF) томонидан молиялаштириладиган «Ўзбекистон учун тоза водород» номли янги лойиҳани ишга туширди.
Лойиҳа регулятив ва меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, давлат секторидаги манфаатдор томонларнинг салоҳиятини ошириш ҳамда тоза водород секторига инвестицияларни жалб қилиш учун зарур шароитларни ва экотизимни яратиш орқали Ўзбекистонда тоза водород ривожи учун асос яратишни мақсад қилади.

Учта асосий йўналиш ва кутилган натижалар:
• Регулятив ва меъёрий-ҳуқуқий кўмак — лойиҳа Энергетика вазирлигини тоза водород бўйича миллий йўл харитасини ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлайди ва водородни ривожлантириш учун институционал ва меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш бўйича амалий тавсиялар тақдим этади.
• Салоҳиятни ошириш ва кўникмаларни ривожлантириш — лойиҳа доирасида водород бозори таҳлили ва манфаатдор томонлар ролини ўрганиш, техник семинарлар ташкил қилиш ҳамда Корея Республикасига ўқув ташрифи ташкил этиш, халқаро тажрибани ўрганиш каби чора-тадбирлар амалга оширилади.
• Яшил водород бозорини ривожлантиришни жадаллаштириш — лойиҳа тоза водороднинг техник ва иқтисодий салоҳиятини намойиш этиш ҳамда саноат ва ривожланиш бўйича ҳамкорларнинг кейинги иштирокини рағбатлантиришга ёрдам берадиган инвестиция концепсиясини тайёрлаш орқали потенциал тажриба лойиҳалари концепцияларини аниқлаш ва ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлайди.





