Тошкентда ЙТҲ содир этиб, ҳуқуқ-тартибот ходимини урган маст ҳайдовчига жиноий иш қўзғатилди
Ижтимоий тармоқларда фуқаронинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қаршилик кўрсатаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси матбуот хизмати изоҳ берди.

Маълумотларга кўра, ҳодиса 30 март куни Тошкент шаҳри Яшнабад туманида содир бўлган.
Хусусан, йўллардан бирида Malibu ва Leapmotor автомобиллари тўқнашиб қолиб, шунинг ортидан ҳайдовчилар орасида низо юзага келган.
Шундан сўнг, Leapmotor ҳайдовчиси 102 рақамига қўнғироқ қилиб, давлат рақамлари йўқ Malibu машинани бошқарган шахс ЙТҲга сабаб бўлганини ва ўзини қопол тутиши ҳақида хабар қилган.
Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари етиб келган. Улар ҳодисани ҳужжатлаштиришга уриниб, Malibu ҳайдовчисига алкотестер синовини таклиф қилишган.
Бироқ, ҳайдовчи маст ҳолда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг талабларига бўйсунмай, уларга қарши чиққан ва улардан бирига кул кўтарган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 277-моддаси 3-қисми «г» банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, эркак ушланган.





