Узбекистонда кредит ва тўлов ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда хавфсизликни таъминлаш ҳамда фрод ҳолатларининг олдини олиш бўйича минимал талаблар тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Жумладан, кредит ташкилоти онлайн кредит (микроқарз) ажратишда фойдаланувчининг қарз юки кўрсаткичи ва тўлов қобилиятини баҳолаш мақсадида кредит бюроларига қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган сўров юборади:
• ариза берилган вақт;
• аризачининг розилик берган вақти;
• аризачининг ЖШШИРи;
• кредитнинг фоиз ставкаси;
• кредит муддати;
• кредит суммаси;
• кредит тури;
• валюта тури;
• кредит тарихини ўрганиш мақсади.
Хусусан, биринчи бўлиб сўров юборган кредит ташкилоти ушбу ЖШШИР бўйича онлайн кредит (микроқарз) ажратмаслик тўғрисида кредит бюроларига маълум қилган тақдирда кредит бюролари ушбу ЖШШИР бўйича кейинги сўров юборган кредит ташкилотининг сўровига жавоб бериши керак.
Агар биринчи сўров юборган кредит ташкилоти ушбу ЖШШИР бўйича онлайн кредит (микроқарз) расмийлаштирилганлигини маълум қилса, кредит бюролари мазкур ЖШШИР бўйича бошқа кредит ташкилотларига 24 соат давомида сўров қабул қилинмаслиги тўғрисида маълумот беради.
Шундан сўнг, кредит ташкилоти олинган маълумотлар асосида ўзининг ички қоидаларидан келиб чиқиб, онлайн кредит (микроқарз) ажратиш ёки ажратмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.
Кредит ташкилоти онлайн кредит (микроқарз) ажратиш тўғрисида қарор қабул қилса, ариза юборган фойдаланувчига унинг мавжуд қарздорликларининг умумий миқдори (агар мавжуд бўлса) ҳамда тақдим этиладиган онлайн кредит (микроқарз)нинг тўлиқ қийматини кўрсатган ҳолда мобил иловада PUSH-хабар ва телефон рақамига СМС-хабарнома юбориш орқали хабар беради.
Бунда фойдаланувчига унга юборилган хабардан келиб чиқиб, онлайн кредит (микроқарз) расмийлаштириш жараёнини давом эттириш ёки берган аризасини бекор қилиш имконияти тақдим этилиши, шунингдек фойдаланувчи аризани бекор қилган тақдирда унга қисқа вақт ичида онлайн кредит (микроқарз) олиш бўйича қайта ариза юбориш имконияти берилиши лозим.