Самарқандда Starlink қурилмасини ноқонуний олиб кирган фуқарога жиноят иши қўзғатилди
Самарқанд вилоятида Starlink қурилмасини ноқонуний олиб кирган фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар берди вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати.

Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, Starlink сунъий йўлдош алоқа қурилмасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига тегишли рухсатномаларсиз олиб кириш ва ундан фойдаланиш тақиқланган. Шунга қарамасдан, айрим ҳолларда фуқаролар томонидан мазкур қурилмани чегара божхона постлари орқали ноқонуний равишда олиб киришга уринишлар кузатилмоқда, — дейилади хабарда.
Жумладан, «Жартепа» чегара божхона пости ходимлари томонидан ана шундай ҳуқуқбузарлик ҳолати фош этилган.
Қайд этилишича, қўшни давлатдан Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган фуқаро бошқарувидаги Mercedes Benz русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилган.
Текширув жараёнида транспорт воситасининг багаж қисмида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, шунингдек тегишли рухсатномаси мавжуд бўлмаган, қиймати тахминан 6 млн сўмлик 1 дона Starlink қурилмаси борлиги аниқланган.
Самарқанд вилояти Электромагнит мослашув хизмати томонидан берилган хулосага кўра, мазкур орбитал сунъий йўлдош алоқа қурилмасини республика ҳудудига махсус рухсатномаларсиз олиб кириш ва ишлатиш мумкин эмаслиги яна бир бор тасдиқланди.
Мазкур ҳолат бўйича фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган.





