Кун қаҳрамони: Ўзбекистонлик Зарина Ҳамидова
Зарина Ҳамидовани «Tabloid» кун қаҳрамони сифатида эълон қилди.
Зарина Ҳамидова Тошкентда туғилган, лекин 15 йилдан буён Москвада яшайди, ҳозирда 26 ёшда. У И.М.Сеченова номидаги биринчи тиббиёт университетининг шифохона психологи йўналишини тамомлаган, ҳозирда соҳаси бўйича ишламайди.
Ўқишининг сўнгги йилларида у Instagram’да қуёшдан сақловчи кўзойнаклар сотиш учун саҳифа очишга қарор қилади. Ўшанда бундай формат ҳали кенг тарқалмаган эди, шу сабабли Зарина ишни осон бошлаган ва омадли бўлиб чиққан.
Шунингдек, Зарина бизнеснинг қуйидагича форматини ҳам синаб кўрди: бижутерия ва оқшом либослари сотиш. Лекин иш ҳажми катталиги сабабли лойиҳа тўлиқ амалга оширилмади ва тўхтатилди. У ижтимоий тармоқларда бошқа брендларни тарғиб қилиш бўйича SMM-менежер сифатида ҳам ишлаган. Шунингдек, яхта компанияисда ҳам бренд-менежер бўлиб ишлаган.
«Мен саёҳат қилишни жуда ҳам яхши кўраман, айни вақтгача 20 та мамлакатда бўлганман. Спортни севаман, доим машғулотларга бораман. Шунингдек, мазали овқатлар ейиш жон-у дилим, айниқса ўзимизнинг ўзбек ошхонасиники бўлса», — дейди у.
Келажакда унинг режалари жуда кўп: бизнес-лойиҳалар амалга оширишни давом эттириш, Instagram саҳифасини ривожлантириш ҳамда бахтли оила қуриш.