Наманганда қиймати 800 минг доллар бўлган 120 ўринли дам олиш маскани қурилади (фото)

Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Поп тумани Чодак қишлоғидаги замонавий меҳмонхона ва дам олиш маскани қурилиш жараёнларини бориб кўрди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумотларга кўра, 2 гектар майдонни эгаллайдиган 120 ўринли дам олиш масканини қуриш лойиҳаси 800 минг АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 400 минг АҚШ доллари чет эл инвестиция маблағидан, қолгани тадбиркорнинг улушидан иборат. Лойиҳанинг амалга оширилиши билан 50 та иш ўрни яратилади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Хорижий ҳамкор — Россиянинг МЧЖ компанияси раҳбари Дилшоджон Тўрахўжаевнинг таъкидлашича, туризм ва меҳмонхоналар базаси йил сайин ўсиб, кўнгилочар индустрия билан бир қаторда даромад, фойда манбаига ва хизмат кўрсатиш соҳасига айланмоқда. Компания мижозларга нафақат турар жой ва овқатланиш имкониятларини, балки транспорт, алоқа, диққатга сазовор табиат гўшалари ва тиббий, спорт хизматлари, гўзаллик салонлари ва бошқаларни ҳам таклиф этади.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Айни пайтда 200 минг АҚШ доллар миқдорида бевосита ташқи инвестиция маблағлари ўзлаштирилган бўлиб, маъмурий бино ва бассейн битказилмоқда. Ҳозирда ҳудуд қўрғон олиниб, ташриф буюрувчилар учун махсус майдончалар ва асосий иншоотлар қурилиши давом эттирилмоқда. Фаолиятни жорий йилнинг декабрь ойида бошлаш режалаштирилган. Кейинги босқичларда атрофда уй-жойлар, болалар боғчаси ва бошқа кўплаб хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят раҳбари лойиҳа асосидаги иш жараёни билан танишиш асносида ушбу марказга тоза ичимлик суви тортиш, коммуникация, йўллар сифатини белгиланган талаб даражасида созлаш сингари ташкилий масалалар борасида мутасаддиларга тезкор кўрсатма ва топшириқлар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

«Табиат ато этган бундай бебаҳо бойлик – мафтункор манзарадан унумли, оқилона фойдаланиш муҳим. Туризм индустрияси ва ҳудудлар инфратузилмасини янада такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифат ва савиясини юксалтириш, дам олувчиларни ўзига ром этадиган, сўлим ва тоғли иқлим шарт-шароитларга эга, экскурсия объектига айланаётган бундай масканларга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтиришга, шунингдек, ички туризмни ҳам ривожлантиришга омил бўлади», — деди Хайрулло Бозоров.

Аввалроқ Хайрулло Бозоров Поп туманидаги қиймати 2,9 миллиард сўм бўлган чорвачилик хўжалиги фаолияти билан танишгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Наманган тумани «Галчи» маҳалласида яшовчи фуқаро Мамадалиев Ҳусанбой хонадони томорқасининг 2 сотих ерига иссиқхона қуриб берилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар