Наманганда «BMW» бетон тўсиққа урилиши оқибатида 2 киши вафот этди, 3 нафар йўловчи касалхонага ётқизилган (видео)
Наманган вилояти Чуст туманида 3 сентябрь, пайшанба куни Варзик—Қорақўрғон автомобиль йўли бўйлаб Варзик йўналишининг 1-километрида ҳаракатланиб кетётган «BMW» бетон тўсиққа урилиши оқибатида 2 нафар йўловчи вафот этди ва хайдовчи ҳамда 3 нафар йўловчи шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 3 сентябрь куни соат 10:00 да ҳайдовчи 39 ёшли Б.У. бошқарувида бўлган «BMW» русумли автомашинасида Чуст тумани Варзик—Қорақўрғон автомобиль йўли бўйлаб Варзик йўналишининг 1-километрида ҳаракатланиб кетаётган вақтида бошқарувни йўқотган ва йўлнинг чап томонидаги бетон тўсиққа урилган. Оқибатда автомашинада бўлган 2 нафар йўловчи, яъни 33 ёшли М.У. ва унинг вояга етмаган 3 ёшли қизи Р.У.лар ҳодиса жойида вафот этган. Шунингдек, хайдовчи ва 3 нафар йўловчилар турли даражада тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг маълумотларига кўра, йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган жойга тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, ҳодиса жойи кўздан кечирилган.
Ҳолат юзасидан Чуст тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (Одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда «Зил-1360» юк машинаси маст пиёдани босиб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, Ғиждувонда «Cobalt» ҳайдовчиси маст ҳолатдаги 63 ёшли эркакни уриб юбориши оқибатида фуқаро ва Бухорода «Matiz» ва «Lacetti» иштирокидаги ЙТҲ оқибатида бир киши вафот этгани, Пунгон—Наманган йўлида эса «Spark» ва юк машинаси иштирокида содир бўлган ЙТҲ оқибатида йўловчилардан бири ҳалок бўлгани маълум қилинганди.