Наманганда икки севишган ота-онасини қўрқитиб қўйиш мақсадида бир-бирини пичоқлади. Қиз вафот этди
Наманган вилояти Косонсой туманида 15 сентябрь, сешанба куни ота-онасини қўрқитиб қўйиш мақсадида ўз жонига қасд қилган икки севишганнинг бири касалхонада вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 2020 йил 15 сентябрь куни соат 11:40 да навбатчилик қисмига туман шифохонасидан фуқаро К.М.нинг оғир тан жароҳати билан олиб келинганлиги ҳақида хабар тушган.
Аниқланишича, Косонсой тумани, «Узунқишлоқ» МФЙда яшовчи 1999 йилда туғилган фуқаро И.М. ва Косонсой тумани «Боғ» МФЙда яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро (аёл) К.М. бир бирини бир неча йил давомида яхши кўрган. Бироқ ота-оналари уларнинг турмуш қуришларига қаршилик қилган.
Шундан сўнг йигит ва қиз ўзаро келишган ҳолда жонларига қасд қилиш мақсадида 15 сентябрь куни 11:00 атрофида дала майдонига бориб, ўзлари билан олиб келган ош пичоқ билан дастлаб К.М. яхши кўрган йигити И.М.нинг қорин қисмига бир маротаба уриб, сўнгра пичоқни И.М.га бериб, қорнига уришни сўраган. И.М. пичоқ билан К.М.нинг қорин қисмига бир маротаба урган вақтида қиз ҳушидан кетиб йиқилиб тушиши сабабли пичоқ қизнинг қорин қисмига чуқур кириб кетган. Оқибатда қиз воқеа жойида вафот этган. И.М. эса шифохонага ётқизилган.
Ушбу ҳолат бўйича туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Дастлабки суриштирувларга кўра, И.М. ва К.М. 5 йил давомида ўзаро севишиб юрганлигига қарамасдан, К.М.нинг отаси қизини Косонсой тумани, «Тергачи» МФЙда яшовчи, 1997 йилда туғилган Ф.А.га унаштириб қўйган. И.М. эса 14 сентябрь куни қизнинг отасининг олдига бориб, қизини унга беришини сўраганда рози бўлмаган.
Шундан сўнг 15 сентябрь куни соат 09:00 атрофида И.М. ва К.М. ўзаро телефон орқали келишиб, Косонсой туман марказидаги истирохат боғи олдида кўришган. Биргаликда Косонсой туман марказида жойлашган Дехқон бозоридан 1 дона ош пичоғини 4000 сўмга сотиб олиб, Косонсой тумани, «Такаранг» МФЙ, Фитрат кўчасида жойлашган «Намуна ширин» фермер хўжалиги дала майдонига бориб жонларига қасд қилган. Шундан кейин К.М. олган тан-жарохати натижасида туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Самарқандда машҳур хонанда вояга етмаган қизнинг номусига теккани айтилгани ва ИИБ жиноий иш очишни рад этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Aсакада оилавий келишмовчилик сабаб хотинини пичоқлаб ўлдирган эр қўлга олингани маълум қилинганди.