Наманганда иш ўринлари ҳаққонийлигини мунтазам кузатиб бориш мақсадида электрон дастур жорий қилинди
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Наманган туманидаги 2-секторда амалга оширилган ишлар билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Хабарда айтилишича, ушбу сектордаги 13 та МФЙда 454 та эҳтиёжманд оилани камбағалликдан чиқаришда (қизил, сариқ, яшил рангларга ажратиб олиниб) тизимли иш ташкил этилиб, 529 нафар ишсизнинг бандлиги таъминланган.
Туман прокурори ташаббуси билан 429,2 миллиард сўм қийматидаги 1782 та иш ўрни вужудга келадиган 73 та инвестицион лойиҳадан шу кунгача 20 таси ишга туширилиб, 408 нафар кишининг ишсизлигига барҳам берилди. Мазкур лойиҳаларни ўз вақтида амалиётга киритиш, вужудга келтирилган иш ўринлари ҳаққонийлигини мунтазам кузатиб бориш мақсадида электрон дастур жорий қилинган.
Иш берувчилар билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида 503 нафар ёшдан 493 нафарининг меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига эришилди.
Сектор ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиб, жиноятга мойил бўлган 9 тоифадаги шахслар рўйхати шакллантирилиб, улар билан олиб борилган манзилли тушунтириш ишлари кўзланган натижани бермоқда.
Ҳудудда 236 та иссиқхона қурилиши аҳолининг молиявий аҳволи яхшиланишига замин яратди. Шунингдек, сектор ҳудудида тадбиркорликни ривожлантириш, оилаларда барқарор ижтимоий муҳитни яхшилаш, ажримлар сонини қисқартириш, аграр соҳадаги фаолият сифати ва самарадорлигини таъминлаш, касаначилик йўналишларида ҳам намунали ишлар давом этмоқда.
Вилоят раҳбари сектор штабидаги шарт-шароит ва имкониятлар, муаммоларнинг ҳал этилишини назорат қилиш юзасидан ўрнатилган қулай ва шаффоф тизимдан қониқиш билдириб, бошқа секторларда ҳам шундай тизим яратиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берди.
Аввалроқ Наманган ҳокими вилоятдаги қиймати 16 миллиард сўмлик қурилиш объектлари билан танишгани хабар қилинган эди.