Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти Олий Мажлисга тақдим этилди
Депутатлар, сенаторлар, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакилларидан ташкил топган Қорақалпоғистонда рўй берган воқеаларни ўрганиш бўйича комиссиянинг ахбороти 26 декабрь куни Парламент палаталари кенгашларининг қўшма йиғилишида кўриб чиқилди. Бу ҳақида UzA ёзмоқда.
Нукусда юз берган воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия 2022 йилнинг 15 июлида тузилганди.
Қайд қилинишича, иноят иши доирасида судгача қамоққа олинган жами 168 нафар шахснинг 107 нафари (2 нафар аёл) Комиссия илтимосномасига кўра оиласига қайтарилган.
Қорақалпоғистонда юз берган воқеаларнинг иштирокчиларидан 943 нафари ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги учун огоҳлантирилган, 6 135 нафарига маъмурий жарима, 2 639 нафарига маъмурий қамоқ жазоси белгиланган, 61 нафари жиноятлар содир этганлиги аниқланган.
Тартибсизликлар натижасида фуқаролар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг оғир тан жароҳати олиши ва ҳалок бўлиши, шунингдек, фуқаролар ва давлат идораларининг мол-мулкига катта миқдорда — 6,8 млрд сўм моддий зарар етган.
Оммавий тартибсизликлар давомида 21 нафар фуқаро, шу жумладан 2 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари вафот этган ва 413 нафари жароҳатланган (шундан 183 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари).
Оммавий тартибсизликларни бартараф этиш жараёнларида инсон ҳуқуқлари ва уларнинг қонуний манфаатларини бузишга йўл қўйган ички ишлар органлари ходимларининг 3 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.