Ўзбекистоннинг барча таълим муассасаларида жинсий тарбия дарслари ўтилади

Тошкент шаҳрида 12 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Олий Мажлис Сенати ҳамда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Норбоева «тарбия дарслари» доирасида болалар боғчаларидан бошлаб барча таълим муассасаларида жинсий тарбия дарслари ўтилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Repost» хабар берди.

Фото: «Газета.uz»

«Ёш қизлар гинекологга мурожаат қилмаслиги керак, деган стереотиплар мавжуд. Биз учун жинсий тарбия мавзуси ёпиқ ҳисобланади. Ҳатто кўплаб ота-оналар фарзандлари билан бу мавзуда суҳбатлашмайди. Бу хато. Аслида жинсий тарбияни болаликдан бошлашимиз керак. Сўзма-сўз айтиб бермасак ҳам, буларнинг барчасини болаларга тушунтириб беришимиз керак. Она қизига, ота эса ўғлига ўргатсин.

Шу сабабли Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида оилавий институтлар очилди, улар ота-оналарнинг болаларга қандай тавсиялар бериши бўйича лойиҳалар тайёрлай бошлади. Комиссия тегишли вазирликларга талаблар қўймоқда. Президентнинг ташаббуси билан мактабларда ‘тарбия дарслари’ жорий этилди, улар жинсий тарбия ва гендер тенглигини ҳам ўз ичига олади», — дейди Сенат раиси.

Унинг таъкидлашича, ўқув дастурларини тузишда тарбия бериш билан чекланмай, вазиятнинг бошқа нозик томонларига ҳам эътибор қаратиш зарур.

«Бундай таълим боғчаларда болаларнинг ёшига мос равишда, улар учун махсус ишлаб чиқилган дастурлар асосида берилади. Ўрта таълим босқичида бошқачароқ, ундан юқори синфларда ва олийгоҳларда эса ёшларни репродуктив саломатлик тўғрисида хабардор қилиш очиқ шаклда олиб борилади», — дейди Танзила Норбоева.

Сенат раисининг сўзларига кўра, ёшларнинг оила қуришдан олдинги тиббий кўрикдан ўтишига ҳам расмиятчилик сифатида қаралади. Шу муносабат билан Танзила Норбоева Сенатнинг яқинда бўлиб ўтадиган навбатдаги сессиясида ҳукуматга никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш масаласи тўғрисида парламент сўрови юборилишини маълум қилган.

«Ушбу қарор қабул қилинганидан бери 17 йил ўтди, шунинг учун айни пайтда унинг долзарблигини, замонавий талабларга жавоб берадими ёки йўқ — буларни таҳлил қилиш муҳим. Aгар биз бу мавзуни ёпиқ қолдирсак ҳам, интернетдан маълумот олиш мумкин, у — очиқ манба. Ёшларнинг бундай нарсаларни салбий контекстда ўрганиши аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин», — деган Танзила Норбоева.

Aввалроқ Танзила Норбоева «Аёллар тараққиёти ва фаровонлиги глобал ташаббуси» бўйича саъй-ҳаракатга чақириқни Ўзбекистон номидан имзолагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар