«Буларнинг бари миш-миш, асосланмаган фактлар». Сенат раиси Гулнора Каримова ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди

Сенат раиси Танзила Норбоева сўнгги кунларда тарқалган Гулнора Каримова ҳақидаги хабарларни миш-миш деб атади. Бу ҳақда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан 12 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Фото: «Featureflash»

Хабарга кўра, октябрь ойида белгиланган жазо муддатини Зангиотадаги колонияда ўтаётган Гулнора Каримованинг саломатлиги ёмонлашгани, у ўпка яллиғланиши ташхиси билан санитария қисмига ётқизилгани, коронавирусга чалинган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Хусусан, Instagram’да Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова томонидан юритилиши тахмин қилинадиган аккаунтда ҳам бу ҳақда хабар қолдирилган.

Қайд этилишича, 12 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида мутасаддилар Гулнора Каримованинг коронавирусга чалингани, аҳволи оғирлашгани ёки ўз жонига қасд қилгани ҳақида тарқалган хабарлар қанчалик рост эканлиги ҳақида саволга жавоб берган. Хусусан, Сенат раиси Танзила Норбоева бу гапларни миш-мишлар деб атаган: «Буларнинг бари, айтганингиздек, миш-мишлар, асосланмаган фактлар».

 «Ўз жонига қасд қилди деган ёки бошқа нохуш ҳолат ҳақидаги гаплар асоссиз. Гулнора Каримова суд томонидан белгиланган жазо муддатини ўтамоқда», — дея қўшимча қилган ИИВ полковниги Умида Aбдуллаева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Адлия вазирлиги Гулнора Каримованинг Париждаги мулки сотувидан тушган 10 миллион доллар бюджетга ўтказилганини маълум қилган эди.

Янгиликлар