Швейцария Гулнора Каримованинг 131 млн долларлик активларини Ўзбекистонга қайтаради

Швейцария расмийлари Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган даромадларни ортга қайтариш бўйича барча шартлар келишилганини маълум қилди.

Хабар берилишича, икки мамлакат ўртасида имзоланган шартномага биноан Швейцария банклари ҳисоб рақамидаги Гулнора Каримовага тегишли бўлган 131 миллион долларлик активлар Ўзбекистонга қайтарилади.

Швейцария ҳукуматидан маълум қилинишича, ҳали якунланмаган ушбу битим қонуний кучга эга бўлгунга қадар Ўзбекистон ҳукуматидан олинган активларни мамлакат халқининг турмуш шароитини яхшилаш ва барқарор ривожланиш лойиҳаларига сарфлашни талаб қилади. Ушбу маблағларнинг сарфланишини шаффоф мониторинг қилиш мажбурийдир.

Гулнора Каримовадан тортиб олинган яна 650 миллион Швейцария франки (715 миллион доллар) унга қарши давом этаётган жиноий иш давомида музлатилганлигича қолмоқда. Швейцария ҳукумати агар ушбу маблағлар ортга қайтарилса, улар ҳам худди шундай шартлар асосида қайтарилишини маълум қилган.

Аввалроқ 2017 йилда Гулнора Каримова фирибгарлик ва товламачиликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Гулнора Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган. Лекин маҳкума Гулнора Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган. Шу йилнинг март ойида Гулнора Каримова 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Адлия вазирлиги Гулнора Каримованинг Париждаги мулки сотувидан тушган 10 миллион доллар бюджетга ўтказилганини маълум қилган эди.

Янгиликлар