Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини 5 млрд долларга етказиш мўлжалланди

Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни ўсимликлар карантини соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилнишича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мўлжалланган. Шавкат Мирзиёев халқаро сертификация тизимини татбиқ этиш бўйича йирик илмий марказ ташкил этиш таклифини илгари сурди. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида ҳам халқаро фитосанитария талаблари ўқитилиши белгиланди.

Қайд этилишича, Литва, Латвия, Украина, Озарбайжон, Миср, Қатар, Монголия, Афғонистон ва бошқа давлатлар билан музокара ўтказиб, гилос, анор, узум, қовун каби мева-сабзавотлар экспорти учун тадбиркорларга йўл очиб бериш вазифаси белгиланди. «Даладан экспортгача» тамойили бўйича тўлиқ ишлашни таъминлаш зарурлиги қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига 1 декабрга қадар ўз маълумотлар базасини божхона органларининг «Ягона дарча» электрон тизимига тўлиқ интеграция қилиш вазифаси қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида 18 сентябрь куни ўтказилган ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида Ўзбекистоннинг табиий газ танқис ҳудудларига 385 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар