Ўзбекистонда сентябрь ойида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди

Ўзбекистонда сентябрь ойида ҳаво ҳарорати 32—37 даража иссиққача кўтарилади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда сентябр ойида, айниқса, унинг биринчи ярмида об-ҳаво иссиқ ва кам булутли бўлади. Қисқа муддатли ёмғирлар фақат айрим кунларда тоғли ва тоғолди ҳудудларда кузатилиши мумкин. Тунги ҳарорат 15—20 даража атрофида бўлади, кундузи 32—37 даражадан 25—30 даража иссиққача ўзгариб туради.

31 август, душанба куни Волгабўйи ҳудудидан нисбатан нам ва салқин ҳаво оқими кириши натижасида об-ҳаво ўзгаради. Республика бўйича булутлиликнинг ортиши, об-ҳавонинг ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда, фақат Тошкент вилоятининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳарорат 1—2 даражага пасаяди ва 28-33 даража иссиқ атрофида бўлади, бу меъёрдан сал паст ҳароратдир.

Шунингдек, сентябрнинг илк кунлари об-ҳаво, асосан, ёғингарчиликсиз бўлади. Ҳарорат кечаси 15—20 даража илиқ, кундузи 30—35 даража иссиқ атрофида бўлади.

Маълумот учун, республиканинг тоғли ва тоғолди туманларида 31 август ва 1—2 сентябрь кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Янгиликлар