Ўзбекистондаги мактабларда танаффус вақтида ватан ҳақида қўшиқ ва шеърлар эшитилади
Ўзбекистондаги мактабларда танаффус давомида ватан ҳақида қўшиқ ва шеърлар эшитилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.
Таъкидланишича, халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳамда вазирлик тасарруфидаги республика таълим муассасалари раҳбарларига хат юборган.
Хатга кўра, Президент Администрациясининг 2020 йил 23 октябрдаги йиғилиши баёнининг 8-бандига кўра, мамлакат ҳудудидаги барча умумтаълим муассасаларида ҳар куни дарс бошланишидан олдин синф хоналарида давлат мадҳияси ўқувчи ва ўқитувчилар томонидан жўр бўлиб куйланади. Шунингдек, мактабларда танаффус вақтларида ватан ҳақидаги қўшиқ ва шеърлар эшиттирилиши таъминланади.
Шу муносабат билан Халқ таълим вазирлиги томонидан умумтаълим мактабларида «Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш» тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилиши бўйича тавсиялар берилган.
Бундан ташқари, умумтаълим мактабларида ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар ва мактабларда фойдаланиш учун тавсия этиладиган видеороликлар рўйхати тақдим этилган.
Аввалроқ Ўзбекистон мактабларида инклюзив таълим йўлга қўйилиши ва Ўзбекистон мактабларида ўқувчилардан хоналарни тозалаш учун нега пул йиғилиши маълум қилинган эди.
Шунингдек, Ўзбекистонда таълимнинг Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилиши ҳамда Ўзбекистонда ўқувчиларнинг сўнгги 6 йилдаги баҳолари ОТМга кириш имтиҳонларида инобатга олиниши ҳақида хабар қилинган.