Ўзбекистон мактабларида инклюзив таълим йўлга қўйилади

Шавкат Мирзиёевнинг «Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 13 октябрь куни қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигини «Huquqiy axborot» Telegram канали хабар берди.

Маълум қилинишича, қарор билан 2020—2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси ва уни 2020—2021 йилларда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланган.

Қарорга мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида:

  • шаҳарларда ва Тошкент шаҳрининг туманларида жойлашган биттадан мактабларда инклюзив таълим жорий қилинади;
    Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган биттадан мактабда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун бошланғич таянч коррекцион синфлар очилади;
  • Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида жойлашган биттадан касб-ҳунар мактабида ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган гуруҳлар ташкил этилади.

Бундан ташақари, 2021/2022 ўқув йилидан:

  • ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мажбурий ўрта таълим 11 йиллик (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатларда 9 йиллик) муддатда амалга оширилади;
  • ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг 10—11 синф (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатларда 8—9 синф) ўқувчилари учун касбга ўқитиш курслари ташкил этилади ва битирувчиларга сертификат берилади.

Таъкидланишича, 2021 йил 1 январдан ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг раҳбар ходимларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи базавий тариф ставкасининг 100 фоизи миқдорида тўланади.

Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази қошида унинг белгиланган штат бирликлари доирасида «Инклюзив таълим лабораторияси» ташкил этилади. Мазкур лабораториянинг асосий вазифаларидан бири мактабларда инклюзив таълим учун шарт-шароитлар яратиш, инклюзив таълим беришнинг сифати ва самарадорлигини аниқлаш мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилиш ҳисобланади.

Маълумот учун, инклюзив таълим — барча ўқувчилар учун махсус таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг фарқлилигини инобатга олган ҳолда таълим муассасаларида илм олишда тенг ҳуқуқлиликни таъминлашдир.

Бундан аввал дастурлаш соҳасидаги танловлар эълон қилиб бориладиган «Ўзбекистоннинг IТ-истеъдодлари» портали ишга тушиши маълум қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда умумтаълим фанлари бўйича ОТМларга киришда қўшимча балл берадиган миллий тест тизими жорий этилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар