Дастурлаш соҳасидаги танловлар эълон қилиб бориладиган «Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари» портали ишга тушади

Дастурлаш соҳасида ўтказиладиган олимпиадалар, танловлар ва акциялар эълон қилинадиган «Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари» портали ишга тушади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида хабар берилди.

Хабарга кўра, ушбу портал Шавкат Мирзиёевнинг 6 октябрда қабул қилинган «Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни IT-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра ташкил қилинмоқда. Шунингдек, қарорда информатика ва ахборот технологияси талабаларига кўплаб имтиёзлар яратилгани келтирилган.

Қарорга мувофиқ, Олий таълим муассасасининг тегишли таълим йўналишлари талабалари ўртасида информатика, дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳаларида ўтказиладиган республика ва халқаро олимпиадалар совриндорлари бўлган талабалар ОТМнинг тегишли магистратураси йўналишларига ажратилган квота доирасида давлат грантлари асосида имтиҳонсиз қабул қилинади. 2021/2022 ўқув йилидан ушбу йўналишларда кадрлар тайёрлаётган барча ОТМ мактабларнинг битирувчи синф ўқувчилари ўртасида «Информатика ва ахборот технологиялари» фани бўйича кўп босқичли (туман (шаҳар) – вилоят – олий таълим муассасаси) ўз олимпиадасини ўтказади. Танловда 1—3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар биринчи ўқув йили учун тўлов ОТМнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилган ҳолда имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади.

Шунингдек, 2021 йилдан информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича халқаро олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчилар бир ойлик маош миқдорида бир марталик мукофотланади. ОТМнинг информатика ва ахборот технологиялари билан боғлиқ таълим йўналишлари бўйича имтиёзли дипломга эга битирувчилари мазкур ОТМнинг магистратурасига кириш имтиҳонларисиз тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Қарорда яна мактабларнинг информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича ўрта-махсус маълумотли ва камида 1 йил педагогик иш стажига эга ўқитувчилари ТАТУга педагогика йўналиши бўйича масофавий ўқитиш шаклида тўлов-контракт асосида кириш имтиҳонларисиз қабул қилиниши белгиланган. Бундан ташқари, қарорда 2021 йил 1 январга қадар «Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари» портали ишга туширилиши маълум қилинган. Порталда дастурлаш соҳасида ўтказиладиган олимпиадалар, танловлар ва акциялар тўғрисида маълумотлар жойлаштириб борилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда аҳолига 2022 йил якунигача 10 Мбит/секунддан кам бўлмаган интернетга уланиш имконияти яратилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар