Ўзбекистоннинг Хитой ва Жанубий Корея билан савдо айланмаси сўнгги 8 ойда салкам 6,5 млрд долларга етди
Шавкат Мирзиёев Хитой ҳамда Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар лойиҳалар ижросини танқидий кўриб чиқиш, янги ўсиш нуқталарини белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 8 ойи давомида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 4 миллиард долларга, Жанубий Корея билан 1,4 миллиард долларга етган.
«Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари ўз маҳсулотларининг рақобатдошлигини ошириш, таннархини тушириш ва уларни ташқи бозорларга етказиб бериш бўйича янги, самарали таклифлар ишлаб чиқиб, бу масалалар билан доимий шуғулланиши шарт», — дейди Президент.
Йиғилишда Шавкат Мирзиёев бу давлатлар билан ҳамкорлик бўйича имкониятлар кўплиги, лекин ҳозирги натижалар етарли даражада эмаслигини таъкидлаган. «Йўл хариталари» ижроси оқсаётгани, иш тизимли олиб борилмаётганини танқид қилган.
Шунингдек, 2020 йил айрим соҳаларда экспорт кўрсаткичлари пасайгани маълум бўлди. Жумладан, Хитойга ўтган саккиз ойда тўқимачилик соҳасида 42,3 фоизга, кимё ва нефть-кимё саноатида 33,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришда 18,1 фоизга камайган. Шу даврда Жанубий Кореяга экспорт бўйича Сурхондарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида сусткашликка йўл қўйилган.
Йиғилишда тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари экспортнинг аҳамиятини ҳанузгача чуқур тушуниб етмаётгани, уларнинг бу борадаги иш услуби бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаётгани кўрсатиб ўтилган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига бориб, Мирзаобод туманидаги «Ҳақиқат» маҳалласига ташриф буюрди. Шундан сўнг, Сирдарёдаги «Янги Тошкент»ни бориб кўрди.
Шунингдек, Президент Сирдарёдаги йилига 3,5 млн долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонага борди. Кейинроқ, Сардоба фожиасидан жабр кўрганлар учун қурилган янги уйларни бориб кўргани ҳақида хабар берилган эди.