Пайариқда 9 нафар маҳкум жазони ўташ муддатидан аввал озод қилинди
Самарқанд вилояти Пайариқ туманида ўтказилган сайёр қабулда 9 нафар маҳкум жазони ўташ муддатидан олдин озод қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, Вилоят судлари раислари томонидан Пайариқ тумани Халқ қабулхонасида фуқаролар билан учрашув, давра суҳбати ва сайёр қабул ташкил қилинган. Қабул давомида 52 та мурожаат рўйхатга олинган.
Хусусан, жиноят ишлари бўйича вилоят суди раисига қилинган 11 та мурожаатдан 9 таси ижобий ҳал қилинган. Шунингдек, 2 нафар мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Қайд этилишича, Фуқаролик ишлари бўйича суд раиси 16 та мурожаатчини қабул қилган. Мурожаатларнинг 1 таси ижобий ҳал қилиниб, 10 нафарига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Тегишлилиги бўйича 5 нафар фуқаронинг аризаси қабул қилинган.
Иқтисодий ишлар бўйича суд раисига қилинган 3 та мурожаат муаллифларига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Маълум бўлишича, энг кўп мурожаат маъмурий ишлар бўйича вилоят суди раисига бўлган. Қайд қилинган 22 та мурожаатнинг 2 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. 20 та мурожаат ижобий ҳал қилинган. Яъни, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси ( Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 11-бандига асосан тугатилган ва 21-моддасига асосан огоҳлантирилган.
Вилоят судлари томонидан ташкил этилган сайёр судларда 9 нафар шахс жазони ўташ муддатидан олдин озод қилинган.
Аввалроқ Косонсойда 8 нафар маҳкум, Пастдарғомда 15 нафар маҳкум муддатидан олдин жазодан озод этилгани ҳақида хабар қилинганди.