Қаршида 7 минг доллар эвазига ОТМга киритиб кўйишни ваъда қилган ўқитувчи қўлга тушди

Қашқадарё вилоятида икки нафар абитуриентни маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 7 минг доллар сўраган ўқитувчи жиноят вақтида қўлга олинди.

Маълум бўлишича, ўқитувчи Қашқадарё вилояти марказидаги оилавий поликлиникада онколог шифокор бўлиб ишлаш билан бир қаторда, Қарши давлат университетида ўриндошлик асосида фаолият юритиб келган. У икки абитуриентга юқори лавозимда ишлайдиган танишлари борлигини айтиб, уларнинг биридан Қарши давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5000 АҚШ доллари сўраган. Иккинчи абитуриентдан эса М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш учун 2000 АҚШ доллари беришини айтган.

Ўқитивчи жами 7000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни олаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Таъкидланишича, ушбу фуқаро муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар содир этганлиги учун 2018 ва 2019 йилларда жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг ҳукми билан 2 маротаба судланган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 211-моддалари (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қўқон давлат педагогика институтига киритишни айтиб, фуқародан 3 минг доллар пора олган олийгоҳ ходимлари ушлангани, Жиззахда 8 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган шифокорларга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар