Самарқандда ўқишга киритиш эвазига 400 доллар пора олган шахс қўлга тушди
Самарқандда ўқишга киритиб қўйиш эвазига 400 доллар пора талаб қилган шахс жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар қилди.
Хабарга кўра, 11 сентябрь куни Самарқанд вилояти ИИБга 29 ёшли Д. ариза билан мурожаат қилиб, Х.У. исмли шахс танишининг фарзандини Тошкент шаҳридаги Ҳарбий спорт кичик академиясига ўқишга киритиш эвазига 400 доллар миқдоридаги пулларни тамагирлик йўли билан талаб қилиб келаётганлини билдириб, Х.У.га нисбатан чора кўришини сўраган.
Мазкур аризага асосан 11 cентябрь куни Самарқанд вилояти ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Департаментнинг Самарқанд вилояти бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказган.
Тадбир давомида 1977 йилда туғилган, Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи Х.У. ариза муаллифидан 400 доллар миқдоридаги пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазвузга доир: Қўқон давлат педагогика институтига киритишни айтиб, фуқародан 3 минг доллар пора олган олийгоҳ ходимлари ушланди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда ўқишга киритиб қўйиш эвазига 53,5 минг доллар «ишламоқчи» бўлган ўқитувчилар ушлангани ҳамда Шайхонтоҳурда ўқишга киритиб қўйиш учун фуқародан 8000 доллар талаб қилган шахс қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.